Обуна бўлинг

Жамият    7:02 / 9.07.2022     507

Жиззахлик касб-ҳунар мактаби ўқувчиси қотилликда гумон қилинмоқда

У шериги билан Тошкентда истиқомат қилувчи фуқарони ўлдириб, сўнгра унинг жасадини каналга ташлаб юборишган.

Фото: видеодан кадр

Тошкент шаҳрининг Миробод туманида яшаган фуқаро шу йилнинг 3 июль куни соат 4:00 ларда хонадонидан Самарқанд вилоятида истиқомат қилувчи жиянидан хабар олиш учун йўлга чиқиб кўзлаган манзилига етиб бормаган.

Бундан хавотирга тушган аканинг ички ишлар органларига хабари асосида бошланган суриштирув тадбирларида 1986 йилда туғилган ушбу шахс ўзининг «Spark» автомашинасида 1 нафар йўловчи билан Тошкент-Зангиота йўналиши бўйича ҳаракатлангани аниқланди.

Кейинроқ Мирзачўл тумани «Тошкент» ҚФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи каналдан тахминан 35 ёшдаги эркак кишининг жасади топилган.

Туман ички ишлар бўлими Жамоат хавфсизлиги хизмати Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси таянч пункти профилактика инспекторининг бу ҳақдаги хабари асосида ички ишлар органлари ва прокуратура ходимларидан иборат тергов тезкор гуруҳи томонидан суриштирув ишлари олиб борилиб, жасаднинг Тошкент шаҳри, Миробод туманида яшаган фуқаро эканлиги аниқланган.

Тезкор қидирув тадбирлари давомида ушбу жиноятни Пахтакор тумани Дўстлик маҳалласида яшовчи  2004 йилда туғилган ва Арнасой тумани Чўлқувар маҳалласида истиқомат қилувчи 2005 йилда туғилган Шароф Рашидов туманидаги касб-ҳунар мактаби ўқувчиси қилганлиги маълум бўлди. Гумонланувчилардан далилий ашё сифатида эркаклар бош ва оёқ кийимлари, марҳумга тегишли универсал қизил рангли пичоқ ҳужжатлаштириб олинди.

Суриштирувлар давомида аниқланишича, Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги автомобилларни ювиш шаҳобчасида бирга ишлаган йўловчилар яшаш уйларига кетиш мақсадида пойтахтнинг Тошкент-Жиззах йўналишида қатнайдиган киракашлар олдига келиб, йўлда «Спарк» русумли автомашинани тўхтатишади ва Жиззах шаҳрига ташлаб қўйиш учун 200 минг сўм таклиф қилишади.

Йўловчилар машина Сирдарё вилояти ҳудудида ҳаракатланиб кетаётган вақтда ўзаро смс хабарнома орқали ёзишиб ҳайдовчини ўлдиришга келишишади ҳамда автомашина тўхтаган вақтда улардан бири ҳайдовчини бўға бошлайди. Шериги эса унинг қўлидан ушлаб туради. Ҳайдовчининг жони узилганидан сўнг уни орқа ўриндиққа ётқизиб, автомашинани Мирзачўл тумани ҳудудига бошқариб келишган ва туман ҳудудидан ўтган каналга жасад ҳамда унга тегишли телефон аппаратини ташлаб юборишган.

Фото: видеодан кадр

Шундан сўнг гумонланувчилар туман деҳқон бозорига киришиб, жабрланувчига тегишли машина давлат рақам белгисини алмаштириш учун Пахтакор тумани томон ҳаракатланишади. Бироқ бу ишни қила олмаслигига кўзи етиб, изни йўқотиш мақсадида Дўстлик, Мирзачўл ва Арнасой туманидаги бир неча аҳоли манзилгоҳлари орқали Фориш тумани «Эгизбулоқ» ҚФЙ ҳудудидаги Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳудудига ўтиб, кўл ҳудудида автомашина, шунингдек, жабрланувчига тегишли банк пластик картаси, «Спарк» ҳужжатлари, 2 дона уяли алоқа аппарати ҳамда кийимларни ёқиб юборишади.

Фото: видеодан кадр

Икковлон қилмишини яна яшириш мақсадида «Спарк»ни ёқишдан аввал унинг давлат рақам белгиларини ечиб олишади. Автомашинани ёқиб юборишгач, кетишда йўл-йўлакай битта давлат рақам белгисини ерга кўмишади, иккинчисини жинғилзор томонга отиб юборадилар.

Фото: видеодан кадр

Ҳали 20 га ҳам кирмаган бу йигитлар аслида ҳозир қотилликда гумонланиши эмас, балки ўқиб илм олиши керак эди. Ўйламай босилган бу қадам энди уларнинг пешонасида бир умрлик тамға бўлиб қолади. Бу қилмиш учун эса қонун олдида жавоб беришади.

Мазкур қотиллик юзасидан Мирзачўл тумани прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилган.  

Сўнгги

Жамият рукни бўйича мақолалар

error: Узр: Контент ҳимояланган !!