Обуна бўлинг

Жамият    7:40 / 5.08.2022     549

Пахтакор туманида олиб қочилган “Lacetti” топилди

Ўғриликка яна 3 киши ўзи билмаган ҳолда шерик бўлиб қолган.

Фото: видеодан кадр

Пахтакор тумани “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи шахс тунги соат 3:30ларда туманнинг Олтинкўл маҳалласида жойлашган савдо дўкони қаршисида “Laсetti” эшигини қолдириб автомашина эшигини қулфлашни унутди.

У тонгга яқин кўчага чиққанида автоулов жойида йўқ эди. Жабрланувчи зудлик билан ички ишлар органларига хабар берди. Шу асосда автомашинани олиб қочган жиноятчини тутишга қаратилган тадбир эълон қилинди. Aвтомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчалари кўздан кечирилди, бекатлардаги киракашлар билан мулоқотлар ўтказилди.

Ўз навбатида йўл-патруль хизмати ходимларининг эътибори “Laсetti” русумли автоуловларга қаратилди. Профилактика инспекторлари эса ҳудудларида ҳаракатланаётган белгилари қидирувдаги автоуловга мос келадиган транспорт воситалари эгалари билан суҳбат ўтказишди. Постларда назорат кучайтирилди.

Тезкор қидирув тадбирлари давомида автомашинани  олиб қочган фуқаронинг шахсига аниқлик киритилди. У Пахтакор туманида туғилган, Зомин туманининг Шароф Рашидов маҳалласида доимий рўйхатда турган, муқаддам судланган кимса бўлиб чиқди.

Эътиборлиси, ўғри автоуловни олиб қочиш жараёнида “Spark”да тасодифан келиб қолган 3 нафар фуқародан “Ўчиб қолган машинасини итариб юбориш”ларини сўраган. Жиноятчи шу тариқа воқеа жойидан шовқин чиқармасдан узоқлашган ва Жиззах шаҳри томон йўналган.

Табиийки, унинг бу қилмиши кўп ўтмай фош этилди. Олиб қочилган “Laсetti” Зомин туманининг “Ғаллакор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтувчи 4К-259 “Жиззах-Қўқон” йўлининг 14-километрида ички ишлар органларининг йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳамда 30-сон манзил колонияси ходимлари томонидан тўхтатилиб, автомобил ўғриси қўлга олинди.

Маълумот ўрнида айтиш керак, автомашина олиб қочганлик учун қонунларимизда оғир жазо белгиланган. Қисқаси, бир неча соатлик саёҳат учун жиноятчи панжара ортида бир неча йиллик умри билан ҳақ тўлайдиган кўринади.

Сўнгги

Жамият рукни бўйича мақолалар

error: Узр: Контент ҳимояланган !!