Обуна бўлинг

Жамият    7:55 / 1.07.2022     483

Президентга мактуб ёзган жиззахлик қиз грант асосида олийгоҳга қабул қилинди

Хумора Худойназарова

30 июнь Бахмал тумани Тойпоқсой қишлоғида яшовчи 17 ёшли Хумора Худойназарова ҳаётида унутилмас кун, қўшалоқ байрам бўлди. У Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанаётганида Президентимиз номига миннатдорчилик мактуби ёзиб, Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари Университетига ўқишга кириш орзуси борлигини билдирган эди.

Хумора Тошкентда даволаниб уйига қайтди. 30 июнь мамлакатимизда ёшлар куни нишонланаётганда Хуморанинг орзулари амалга ошди. У яшайдиган уйга Жиззах вилояти ва Бахмал тумани жамоатчилик вакиллари, туман ҳокими М. Анорбоев, Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари Университети проректори Алишер Абиджонов ташриф буюриб, Президент номидан Хуморага Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари Университетига грант асосида ўқишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги сертификат, шунингдек, Жиззах вилоят ва Бахмал туман ҳокимликларини совғаларини тантанали равишда топширдилар.

“Мен даволанган шифохонада яратилган шароитлар, мен каби беморларга кўрсатилаётган ғамхўрликлар учун ҳурматли Президентимизга миннатдорчилик мактуби ёзиб, Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари Университетига кириш ниятим борлиги, аммо касаллик билан бўлиб бир неча ой ўқишга кириш учун тайёргарлик кўролмаётганимни билдирган эдим. Ҳурматли, меҳрибон Президентимиздан бир умр миннатдорман. Ҳозир Президентимиз номидан мазкур университетга давлат гранти асосида ўқишга кирганим тўғрисидаги сертификат, совғалар топширилди. Касаллигимни ҳам унутдим. Бу қувонч кўз ёшлари. Насиб қилса ҳурматли Президентимизни ишончларини оқлаб, аъло баҳолар билан ўқиб, етук мутахассис бўлиб, элимизга, юртимизга хизмат қиламан”, – деди Хумора Худойназарова.

Сўнгги

Жамият рукни бўйича мақолалар

error: Узр: Контент ҳимояланган !!