Жамият    7:01 / 7.11.2022     583
Шароф Рашидов туманида ҳоким ёрдамчиси пора билан ушланди
У тадбиркорнинг ишончига кириб унинг ишини ҳал қилиб бериш эвазига 2 минг АҚШ доллари сўраган.

Давлат хавфсизлик хизмати Жиззах вилоят бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Шароф Рашидов тумани “Оқтошота” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлаб келган шахс ушланди. Бу ҳақда “Jizzax MTRK” хабар қилмоқда.
Маълум қилинишича, ҳоким ёрдамчиси ўзининг хизмат мавқеидан фойдаланиб, алдаш ва ишончни суистеъмол қилиш йўли билан моддий бойлик орттириш мақсадида, ҳудуддаги тадбиркорлардан бирининг ишончига кириб, тадбиркорлик субъекти томонидан таъминотчи сифатида фуқраоларга қурилаётган 10 та иссиқхонанинг қурилиши битказилмаганини била туриб, мазкур иссиқхоналар учун жами 330 миллион сўм миқдордаги пулларни тадбиркор бошқарувидаги МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказилиши учун ёрдам беришини айтади.
Бунинг учун Шароф Рашидов туман ҳокимининг биринчи ўринбосари розилиги кераклигини, унга 1000 АҚШ доллари, ўзига яна 1000 АҚШ доллари миқдорида пулларни берган тақдирда масалани ҳал қилиб беришини ваъда қилади.
Ҳоким ёрдамчиси тадбиркордан талаб қилган 2000 АҚШ долларини жорий йилнинг 17 октябрь куни Шароф Рашидов тумани, Юксалиш маҳалласи ҳудудидаги автомобилларга газ қуйиш шохобчаси олдида ўзига тегишли Nexia русумли автомашина салонида олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
