Обуна бўлинг

Жамият    7:01 / 3.09.2022     245

Шароф Рашидов туманида кўп қаватли уйларнинг канализация чиқитлари зовурга оқизилаётгани аниқланди

Ҳолат Жиззах вилояти экология бошқармаси томонидан назоратга олинган.

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида янги қурилган кўп қаватли уйларнинг канализацияси зовурга чиқарилаётгани, аҳоли бундан норози экани ҳақида Telegram’даги «Экологуз» каналида хабар эълон қилинди.

Қайд этилишича, мурожаат Шароф Рашидов тумани «Қўшбармоқ» МФЙда истиқомат қилаётган аҳолидан келиб тушган. Янги қурилган кўп қаватли уйларнинг канализациясини тадбиркорлар «чуқур заправка» деб аталувчи ёнилғи қўйиш шохобчаси ёнидаги зовурга чиқариб қўйгани айтилган. Мурожаатчи қуйидагича ёзади:

Унинг сассиқ ҳидидан нафас олиб, яшаб бўлмаяпти. Деразаларни очмай ўтирамиз. Кечки салқинда бироз ҳовлида ўтирайлик десак, сассиқ ҳиддан одамнинг кўнгли айнийди. 2 йилдан бери аҳвол шу. Афсуски, на туман ҳокимияти, на шаҳар ҳокимияти арз-додимизни эшитмаяпти.

«Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да инсон умуман қадрланмаяпти. Балки Жиззах Экология бошқармаси бизга ёрдам берар? Чунки зовурда яшаётган майда жониворлар ҳам заҳарли канализация сувларидан қирилиб бўлди.

Мутасаддилардан муносабат кутиб қоламиз. Зора шаҳар ва туман ҳокимликлари эътиборидан четда қолаётган муаммо Жиззах вилояти ҳокимияти ва вилоят Экология бошқармаси томонидан ҳал этилиб, одамлар тоза ҳаводан нафас олиб қолишса?!

Ушбу мурожаат вилоят Экология бошқармаси томонидан назоратга олиниб, ҳолат юзасидан маълумот берилди.

Унга кўра, фуқароларнинг мурожаати бўйича бошқарма назорат инспекцияси, Сув-ер ресурслари ва ерости ресурсларини муҳофаза қилиш бўлими ҳамда Шароф Рашидов тумани бўлими ходимлари томонидан дастлабки ўрганиш ишлари бошланган. Ўрганиш натижалари бўйича қўшимча маълумот тақдим этилади.

Сўнгги

Жамият рукни бўйича мақолалар

error: Узр: Контент ҳимояланган !!