Обуна бўлинг

Жамият    10:21 / 2.08.2022     623

Зарбдорда тиббий назорат комиссияси раиси ногиронлик нафақасига чиқмоқчи бўлган фуқародан пора олаётганда қўлга тушди

Фуқаро кам таъминланган оила аъзсои сифатида “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган.

Мамлакатимизда коррупцияга қарши кескин кураш олиб борилмоқда. Аммо, баъзи соҳа ходимлари ҳамон порахўрлик иллатидан қутилолмаяпти. Ана шундайлар орасида эгнига оқ халат кийиб, одамлар дардига шифо топишга бел боғлаган тиббиёт ходимларининг борлиги афсусланарли.

Фуқаро Д. Кулиева (исми-шарифлари ўзгартирилган) муддатсиз ногиронликка чиқиш учун кўпдан буён елиб-югурарди. Шу мақсадда у Зарбдор туман тиббиёт бирлашмаси тиббий назорат комиссиясининг раиси А. Сориевга учрашади. Раис унга ёрдам бериш ўрнига муддатсиз 2-гуруҳ ногиронлиги нафақасига чиқариб бериш учун 1 миллион 400 минг сўм пора сўрайди.

Д.Кулиева жорий йилнинг 21 июлида унга 1 миллион сўм пул беришга мажбур бўлади. Ниҳоят аёл ўйлаб-ўйлаб охири ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилди. Жорий йилнинг 26 июль куни Департаментнинг Жиззах вилоят бошқармаси, ДХХ Жиззах вилоят бошқармаси ва туман прокуратураси ходимлари билан ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда  шифокор ўзининг хизмат хонасида бемордан 300 000 сўм пул олаётган пайтда қўлга олинди.

Шу ўринда қайд этиш жоиз, шифокор Д. Кулиеванинг кам таъминланган оила сифатида “Аёллар дафтари”да рўйхатда туришини, бахтсиз тасодиф туфайли оғир тан жароҳати олиб, мажруҳ бўлиб қолганлигини жуда яхши билгани ҳолда ундан пора талаб қилган.

Айни пайтда ушбу ҳолат юзасидан фуқаро А.Сориевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сўнгги

Жамият рукни бўйича мақолалар

error: Узр: Контент ҳимояланган !!