Обуна бўлинг

Жамият    6:59 / 7.07.2022     384

Зоминда 3 нафар вояга етмаган муштумзўрга суд ҳукми ўқилди

Улардан икки нафари касб-ҳунар мактабининг биринчи босқич, бир нафари ўрта умумтаълим мактабининг 9 синф ўқувчиси ҳисобланади.

Фото: видеодан кадр

Жиноят ишлари бўйича Зомин тумани суди томонидан безорилик қилган шахсларга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Ушбу учала шахслар вояга етмаган бўлиб, икки нафари касб-ҳунар мактабининг биринчи босқич, бир нафари ўрта умумтаълим мактабининг 9 синф ўқувчиси ҳисобланади.

Зомин тумани Даштобод шаҳри Беруний маҳалласида яшовчи 17 ёшли ўспирин айни дамда озодликни чеклаш жазосини ўтамоқда. У икки йил давомида суд ҳукмида кўрсатилган бир неча тақиқларга амал қилиши даркор.

Ҳудуддаги 2 сонли касб-ҳунар мактабнинг биринчи босқич ўқувчиси аслида бу даврда ўқиб билим олиши, бирор касб-ҳунар ўрганиши лозим. Бироқ у бир маротаба адашиб кирган қинғир йўлга иккинчи маротаба билиб туриб яна қадам босди.

Дастлаб ушбу шахс жорий йилнинг 23 март кунига ўтар кечаси тунги соат 00:30 ларда маст ҳолда туманнинг Бахт маҳалласида кетаётиб, ўзига олдиндан таниш бўлган фуқарони учратади ва ҳеч бир сабабсиз унинг бош соҳасига ва танасининг бошқа жойларига бир неча марта уриб тан жароҳати етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан Зомин тумани ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб боришга киришилган.

Бироқ у бундан ўзига тўғри хулоса чиқармасдан безорилик ҳаракатларини яна давом эттирган. Хусусан, 15 апрель куни 2 нафар – бири ўзи билан бирга таълим олувчи, яна бири ўрта умумтаълим мактабининг 9 синф ўқувчиси бўлган ўртоқлари билан бир гуруҳ бўлишиб, соат 17:30 ларда 2003 йилда туғилган фуқарога қўнғироқ қилади. Уни “гаплашиб олиш” учун ўзлари яшайдиган маҳаллага чақириб, зўрлигини намойиш қилишмоқчи бўлишади.

Чақирилган шахс 3 нафар ўртоғи билан ҳудудидаги чойхонага келишганидан сўнг, зўравонлар улар ўтирган хонага кириб, темирдан ясалган ўткир тиғли ошхона санчқиларини таҳдидона намойиш қилишади ва уларни чойхонадан ташқарига чиқаришади.

Атрофдаги кишилар ва мактаб ўқувчиларининг кўз ўнгида шовқин-сурон кўтарган ҳолда тинчликни бузиб, чақирилган шахслардан бирининг қорнига темир санчқи билан, қолганларидан бирининг юзига мушт билан,яна бирининг оёғига тош билан тан жароҳати етказишган.

Жиноят ишлари бўйича туман судининг суд мажлисида айбланувчилар айбига тўлиқ иқрорлик билдиришди. Терговда тўпланган ва суд муҳокамасида текширилган далиллар ўз исботини топди.

Суд жазо тайинлашда инсонпарварлик ва одиллик принциплари ҳамда айбига тўлиқ иқрор ва пушаймонлиги, оилавий аҳволи, вояга етмаганлиги каби омилларни эътиборга олди. Суд ҳукми билан 3 нафар вояга етмаганлардан бирига 2 йил, унинг икки нафар шеригига 1 йил муддатдан озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Сўнгги

Жамият рукни бўйича мақолалар

error: Узр: Контент ҳимояланган !!