Обуна бўлинг

Сиёсат    23:09 / 1.07.2022     202

Гербим – ифтихорим!

Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинганлигининг 30 йиллигига бағишланади.

Мамлакат герби ва байроғи халқнинг ўтмиши, Яратган
орзуси ва фуқароларнинг қадр-қимматини акс эттиради.
М.Монтень

Герб нима? Бу саволга аксарият одамлар, герб – шунчаки бирор давлатни бошқа бир мамлакатдан фарқлашда қўлланиладиган тимсол ёки белги, деб жавоб беради. Бу бир томондан тўғри, албатта. Аммо гербнинг ҳаётимиздаги ўрни ўйлаганимиздан анча аҳамиятлидир.

Ҳар бир инсон ўзи яшаётган Ватани, халқи ва мамлакати билан фахрланади. Бу ифтихор туйғуси энг аввало, онамиз алласи, унинг сиймоси орқали қон-қонимизга сингийди. Ватан онага қиёсланиши ҳам бежиз эмас. Биз учун онамиз қанчалар азиз бўлса, Ватанимиз ҳам шунчалар қадрли. Давлат рамзлари эса мамлакат суверенитетини ифода этувчи, халқнинг ўтмиши ва бугуни, юрт қудратини намоён қилувчи белгилардир.

2 июль санаси юртимизда Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинган кун сифатида нишонланади. Бизнинг гербимиз ҳам Ўзбекистонни бошқа давлатлардан ажратиб турувчи нишони, рамзи ва тимсолидир. Гербимиз юртимизнинг сиёсий, миллий, хўжалик, географик, этник ва бошқа ўзига хосликлари, бой тарихи ҳамда анъаналарини ўзида мужассамлаштирган. Шу билан бирга гербимизда ижтимоий ва давлат тузилиши тамойиллари ўзига хос тарзда тасвирланган. Мустақиллигимиз рамзи ҳисобланувчи гербимиз дундаги энг чиройли давлат рамзларидан бири бўлиб, унда халқимизнинг ўтмиши ва бугуни, келажаги ўз аксини топган. Унда серқуёш ўлкамиз, бетакрор табиатимиз, миллий бойликларимиз ифодасини кўришимиз мумкин.

Герб юқори қисмида ҳурлигимиз рамзи – саккизбурчак, унинг ичида яримой ва юлдуз тасвирланган. Марказда эса афсонавий Ҳумо қуши виқор билан қанотларини кенг ёйиб турибди. Давлатимиз гербидаги ҳар бир деталдан рамзий маъно англашимиз мумкин. Жумладан, тоғлар баланд ғурур, туганмас сабот ва шонли тарихга ишора бўлса, дарёлар жаҳон тамаддуни ривожига улкан ҳисса қўшган, илм-фаннинг кўплаб йўналишлари булоқларини очган буюк аждодларимиз меросини акс эттиради. Шу маънода, гербимиз жонажон Ватанимизнинг бетаркрор тимсоли, десак асло муболаға бўлмайди. Ундаги ҳар бир белги, хатто ҳар бир чизиқда давлатимиз салоҳияти, халқимизнинг эзгу ғоялари мужассам.

Давлатимиз гербини расмий ҳужжатлар, муҳрлар, қоғоз ва танга пуллар, фуқаролик паспорти, юрт хизматидаги ходимларининг либосларида учратиш мумкин. Умуман герб давлатнинг имзоси, ғурур ва ифтихор билан қабул қилинадиган, қадрли рамздир. Шундай экан, барча давлат рамзлари каби гербимизга ҳам ҳурмат  билан муносабатда бўлмоғимиз даркор. Зеро, бу тимсол бизга миллатимиз шонли тарихи, бугуни ва келажаги, буюк аждодларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган беқиёс ҳиссаси, жаннатмонанд юртимиздаги тўкин-сочинлик, барака ва тинчлик, ҳурликни бизга доимо намоён қилиб туради.

Мақоламни Жиззахимизнинг атоқли шоираси Шаҳло Аҳророванинг “Ватан, рамзларингдан айланай!” шеъри билан якунламоқчиман.

Ватан, юрагимга бир тасвир кўчди,
Икки чамбар ичра олтин нур кўчди,
“Икки кокил” кўчди – қўш наҳр кўчди,
Ватан, рамзларингдан айланай сенинг!

Ҳар бошоқда бобом меҳнатин кўрдим,
Пахтангда отамнинг сувратин кўрдим,
Қўл қадоғин кўрдим, дил хатин кўрдим,
Ватан, рамзларингдан айланай сенинг!

Ўшал қадоқларнинг самари бу бахт,
Асрий ардоқларнинг самари бу бахт,
Байроқ кўркидаги камари бу бахт!
Ватан, рамзларингдан айланай, сенинг!

Ҳумо, Ҳумогинам, бахтнинг ёғдуси!
Бобом, момоларим асрий орзуси,
Сендан нур ёғилгай, ҳурлик ёғгуси!
Ватан, рамзларингдан айланай сенинг!

Тўмарис қўлидан ўтиб келганим,
Ҳар тусда ҳурликни кутиб келганим,
Темурдан адолат битиб келганим,
Ватан, рамзларингдан айланай сенинг!

Қуёш – онам қалби сочган меҳр бу!
Хушфеъллик бу, ор бу, шаъну-шуур бу,
Билсанг, юрагимга тушган муҳр бу!
Ватан, рамзларингдан айланай сенинг!

Сўнгги

Сиёсат рукни бўйича мақолалар

error: Узр: Контент ҳимояланган !!