Обуна бўлинг

Сиёсат    7:00 / 29.07.2023     310

Президент Миллий гвардиянинг Жиззах вилояти бошлиғи ва вилоят ЙҲХБ бошлиғини лавозимидан озод қилди

Шунингдек, Зафаробод тумани ички ишлар бўлими бошлиғи ҳам ишдан олинди.

Президент Матбуот хизмати

Фарғона шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 28 июль куни ҳудудларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

– Биз ислоҳотларимизнинг илк кунлариданоқ инсон қадрини улуғлашни энг олий қадрият сифатида эътироф этдик.  Янгиланган Конституциямизда ҳам Ўзбекистон ҳуқуқий давлат эканлигини муҳрлаб қўйдик. Ягона мақсадимиз – адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш орқали халқимизни рози қилиш, – деди давлат раҳбари.

Бунинг учун ваколатли тузилмаларга барча шароитлар яратилмоқда. Охирги икки йилда ҳуқуқ-тартибот фаолиятига оид 10 та қонун, Президентнинг 40 га яқин фармон ва қарорлари, 60 дан ортиқ ҳукумат қарорлари қабул қилинди. Ҳуқуқ-тартибот органлари, айниқса, ички ишлар ходимларининг ойлик маоши кескин оширилди ва кўплаб имтиёзлар берилди. “Маҳалладаги бешлик” учун 30 мингдан ортиқ янги штатлар киритилди. Чунки аҳолининг тинчлигини таъминлаш маҳалладан бошланиши керак.

Лекин ўтган 6 ойда маҳаллаларда барвақт олдини олиш мумкин бўлган 12 мингга яқин жиноят содир этилган. 9 минг 500 га яқин маҳалланинг 1 минг 500 тасида криминоген вазият бор.

Жиноятчиликни жиловлаш ва аҳоли билан ишлашда сусткашликка йўл қўйганлиги учун Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари, ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари ва жамоат хавфсизлиги учун масъул ўринбосарига “ҳайфсан” эълон қилинди.

Сергели, Янгиҳаёт, Шайхонтоҳур, Ғиждувон, Когон, Тупроққалъа, Тахтакўпир, Томди, Яккабоғ, Олтинсой, Зафаробод, Боёвут, Гулистон, Мингбулоқ, Олтинкўл туманлари ички ишлар бўлими бошлиқлари, Андижон, Бандихон, Бувайда, Нарпай, Юнусобод туманлари прокурорлари эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.

Фарғона вилоятидаги йиғилишда президент жамоат жойларида тинчликни таъминлаш масалаларига алоҳида тўхталди.

Миллий гвардияга қўшимча ваколат берилиб, парк, хиёбон ва бозорларда жамоат тартибини сақлаш ушбу тузилма зиммасига юкланди.

Лекин бозорларни «жиноятдан холи ҳудуд»га айлантириш борасида Миллий гвардиянинг фаолияти қониқарли эмаслиги таъкидланди.

Шу йилнинг ўзида Миллий гвардия масъул бўлган ҳудудлардаги 236 та жиноятнинг 86 фоизи айнан бозорда содир этилган.

«Умуман, Миллий гвардия жавобгарлиги остидаги ҳудудларда жиноятларга қарши курашиш бўйича тизим яратилмагани кўрсатилиб, Миллий гвардия қўмондонининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича биринчи ўринбосари И.Ибрагимов лавозимидан озод этилди», дейилади хабарда.

Зиммасига юклатилган вазифаларни лозим даражада бажармагани учун Миллий гвардиянинг Жиззах ва Сурхондарё вилоятлари бошлиқлари (Анвар Иброҳимов ва Шарофиддин Саидов)ҳамда Навоий шаҳар қўриқлаш бўлими бошлиғини ишдан бўшатишга кўрсатма берилди.

Президент йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар аҳволидан халқ мутлақо норозилигини таъкидлади.

Масалан, ўтган олти ойнинг ўзида 4 мингга яқин авто-авариялар содир этилиб, 873 нафар шахс вафот этган, 3,5 мингдан ортиғи жароҳат олган.

«Эътибор беринг, 48 фоиз аварияларнинг сабаби йўл инфратузилмасидаги камчиликлар ҳисобланади.

Вазиятни яхшилаш бўйича «Ўзавтойўл» ва ҳокимликларнинг масъулияти умуман сезилмаяпти. Улар фақат асфалт ётқизиш билан овора, ҳаракат хавфсизлиги эса эътибордан четда қолиб кетган», – деди давлат раҳбари.

Шу муносабат билан Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги раҳбари Олим Саидовга ҳайфсан берилди. Шунингдек, Жиззах (2017 йилдан буён Ҳусан Холқўзиев), Сурхондарё (2020 йилдан Илҳом Соипов) ва Хоразм вилоятлари ЙҲХБ бошлиқлари лавозимидан озод қилинди.

Сўнгги

Сиёсат рукни бўйича мақолалар

error: Узр: Контент ҳимояланган !!