Спорт    7:00 / 10.08.2022     964
Владивостокда ўтказилган VII “Осиё болалари” ўйинларида Жиззах вилояти вакиллари ҳам муносиб иштирок этишди
Йирик турнирда ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларимиз тантанали равишда кутиб олинди.

Мамлакатимизнинг 174 нафар спортчиси Владивостокда 13 кун мобайнида ўтган VII “Осиё болалари” ўйинлари мусобақаларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди ва ҳақли равишда 20 тадан ошиқ жамоалар орасида умумжамоа ҳисобида 2 ўринни эгаллади.
8 август куни Ўзбекистон спорт делегацияси Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди. Эътиборлиси улар орасида Жиззахлик спортчилар ҳам бор.

Нуфузли халқаро мусобақада ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган иқтидорли спортчиларимизни кутиб олиш маросимида Спортни ривожлантириш вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси вакиллари, спортчиларнинг ота-оналари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Такидланганидек, спортчиларимиз мусобақаларда ўйинлар дастуридан ўрин олган 18 та спорт турида қатнашди. Муросасиз баҳсларда вакилларимиз 41 та олтин, 28 та кумуш ва 45 та бронза, жами 114 та медалларга эга чиқишди.

Қувонарлиси, медалларни жамғаришда Жиззахлик спортчилар ҳам ўз ҳиссаларини қўшишди. Жумладан, Зомин тумани вакили Ёдгорбек Жўрабоев таэквондо бўйича 73 кг вазнда олтин медални қўлга киритган бўлса, Фориш туманидан Бибихоним Одилова самбо кураши бўйича 41 кг. вазнда қатнашиб бронза медални нақд қилди.

Шунингдек, ушбу спорт тури бўйича 54 кг. вазнда пахтакорлик Фотима Мусаева кумуш медальни қўлга киритиб қайтди. Бундан ташқари, Жиззах шаҳридан яна бир қизимиз Жасмина Тоҳирова бокс бўйича 46 кг. вазнда кумуш медаль, яна бир Жиззах шаҳри вакили Мироншоҳ Норқосимов 54 кг. вазнда олтин медаль билан тақдирланган. Мусобақанинг аёллар кураши бўйича иштирок этган Машҳура Абдумусаева олтин медални қўлга киритгани барчамизни қувонтиради.
Жиззах вилояти вакиллари 3 та олтин, 2 та кумуш ва 1 бронза медали жамғариб терма жамоа ижобий натижасига муносиб улуш қўшишди.
Тантанада масъуллар ва спортчилар, уларнинг ота оналари мамлакатимизда спортга берилаётган эътибор халқаро мусобақаларда ўз натижасини кўрсатаётгани эътироф этишди. Спортчиларга келгуси мусобақаларда ҳам омад тилаб совғалар топширилди.
