Обуна бўлинг

Статистика    7:00 / 14.09.2022     191

Жиззах — аҳоли жон бошига қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқаришда республикада етакчи ҳудудлардан бири

Бу ҳақда Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти хабар бермоқда.

Ўзбекистон иқтисодиёти қишлоқ хўжалиги билан узвий боғланган бўлиб, бу соҳанинг ЯИМдаги улуши юқорилиги бўйича жаҳон мамлакатлари орасида 18-ўринни эгаллайди. Бу ҳақда Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти хабар бермоқда.

Топ йигирматаликда 17 та мамлакат Африка қитъасидан, Осиё қитъасидан эса Афғонистон ва Ўзбекистон мазкур рўйхатдан жой олган.

Бироқ бу мамлакатлардан фақат учтасигина (Нигерия, Танзания ва Ўзбекистон) қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг алоҳида турларини етиштириш бўйича жаҳоннинг етакчилари қаторидан жой олган.

Хусусан, Нигерия кешю ёнғоғи, окра, ерёнғоқ ва ширин картошка, Танзания кунжут ва ширин картошка етиштириш бўйича жаҳоннинг етакчи уч мамлакатидан бири саналади.

Дунё рейтингида Ўзбекистон ўрик етиштиришда Туркиядан, ипак бўйича Хитой, Ҳиндистондан, Вьетнам ва Таиланддан, сабзи ва шолғом етиштиришда Хитойдан кейинги ўринларда туради.

Қишлоқ хўжалигининг мамлакат иқтисодиётида тутган юқори аҳамияти ҳисобга олинса, бу соҳада инновацион технологиялардан фойдаланиш, корхоналарни модернизация қилиш, пировардида, ишлаб чиқариш омиллари самарадорлигини ошириш муҳим аҳамият касб этади.

Самарадорлик иқтисодий ва техник турларга бўлиниб, техник самарадорлик маҳсулот ишлаб чиқариш учун маълум турдаги омиллар тўпламидан фойдаланиш самарадорлигини ифодалайди.

Агар фирма ишчи кучи, капитал ва технология каби омилларнинг минимал миқдоридан максимал маҳсулот ишлаб чиқарадиган бўлса, у техник жиҳатдан самарали фаолият юритган деб ҳисобланади.

Иқтисодий самарадорлик асосан ишлаб чиқариш омиллари нархларига боғлиқ бўлиб, техник жиҳатдан самарали бўлган баъзи нарсалар иқтисодий жиҳатдан самарали бўлмаслиги мумкин.

Умуман олганда, самарадорлик даромаднинг харажатга нисбати орқали аниқланиб, уни харажатни минималлаштириш ёки даромадни максималлаштириш орқали ошириш мумкин.

Ўзбекистон ҳудудлари орасида аҳоли жон бошига қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқаришда Бухоро, Жиззах ва Навоий вилоятлари, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳажми бўйича Самарқанд, Андижон ва Тошкент вилоятлари етакчилик қилади.

Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган омиллар самарадорлиги мамлакат ҳудудларига кўра фарқ қилиб, ҳажм ва жон бошига олинган кўрсаткичлар бўйича юқори ўринда турувчи ҳудудларнинг баъзиларида самарадорлик кўрсаткичлари кичик қийматларни ташкил этади.

Тадқиқотда 2017—2019 йилларда Ўзбекистон ҳудудларида қишлоқ хожалиги тармоғининг самарадорлиги баҳоланди. Хусусан, ҳудудларда йирик шохли қорамол ва донли экинлар етиштириш самарадорлигини таҳлил қилишда донли экинлар экиладиган ер майдони, ҳудудлардаги қишлоқ хўжалик техникалари, қишлоқ хўжалигида банд аҳоли ва сарфланган органик ўғит ҳажми таъсир қилувчи омиллар сифатида танлаб олинди.

Чизиқли дастурлаш масаласининг натижалари шуни кўрсатмоқдаки, таҳлил даврида умумлаштирилган маҳсулотнинг минимал қиймати (0,333) 2017 йилда Навоий вилоятида, омиллар ялпи унумдорлигиники (0,336) 2017 йилда Сирдарё вилоятида кузатилган.

Умумлаштирилган ишлаб чиқариш омилларининг минимали (0,458) 2018 йилда Навоий вилоятида, омиллар ялпи унумдорлигининг максимал миқдори (0,768) 2018 йилда Андижон вилоятида қайд этилган.Фото: PMTI

Жумладан, омилларнинг максимал ялпи унумдорлиги 2017 йилда Жиззах, 2018 йилда Андижон ва 2019 йилда Қашқадарё вилоятларида кузатилган.

Омиллар ялпи унумдорлиги бўйича 2017 йилда Жиззах, Андижон ва Бухоро вилоятлари, 2018 йилда Андижон, Навоий ва Бухоро вилоятлари, 2019 йилда Қашқадарё, Бухоро ва Андижон вилойтлари етакчи ҳудудлар бўлган.

Рейтинг кўрсаткичлари таҳлили иқтисодий самарадорлик юқори бўлган ҳудудларда доим ҳам омиллар унумдорлиги ёки техник самарадорлик юқори бўлавермаслигини яна бир бор кўрсатди.

Масалан, Бухоро, Наманган, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида иқтисодий ва техник самарадорлик кўрсаткичлари ўртасида алоқадорлик кузатилган бўлса, қолган ҳудудларда рейтинг кўрсаткичлари бўйича тафовутлар мавжуд.

Омиллар ялпи унумдорлиги кичик қийматларни ташкил этган баъзи ҳудудларда техник самарадорлик юқори бўлган. Бу эса мазкур ҳудудларда ишлаб чиқариш омилларидан етарли даражада оқилона фойдаланилмаётганини билдиради.

Сўнгги

Статистика рукни бўйича мақолалар

error: Узр: Контент ҳимояланган !!