Обуна бўлинг

Статистика    7:00 / 25.08.2022     283

Жиззах — Ўзбекистонда қовун етиштириш бўйича етакчи вилоятлардан бири

Ўзбекистонда 2022 йилда умумий 63 минг гектар майдонга қовун экилган бўлиб, ушбу майдонлардан жорий йилда жами 1,3 млн тонна қовун етиштириш режалаштирилган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистондаги қовун навлари тўғрисида маълумот берди

Маълум бўлишича, халқ селексиясида қовуннинг 150 дан ортиқ нави мавжуд. 

Ўзбекистонда энг кўп экиладиган қовун навлари: 

  • Оқуруғ; 
  • Асате 3806; 
  • Бўрикалла; 
  • Кўктинна; 
  • Кўкча; 
  • Қизилуруғ; 
  • Маҳаллий сариқ ҳандалак; 
  • Обиноввот; 
  • Шакарпалак; 
  • Гурлан кабилардир.

Қовун ёввойи ҳолда Жануби-Ғарбий Осиё ва Африкада учрайдиган полиз экини ҳисобланган. Кичик ва Ўрта Осиёда эса 2 минг йилдан бери маданийлашган навлар кўринишида экилади. Жумладан, Марказий Осиёда қовун энг кўп ер майдонига экилиши жиҳатидан полиз экинлари орасида 1-ўринда туради. 

У иссиқсевар, ёруғсевар ўсимлик, қурғоқчиликка ва тупроқ шўрланишига чидамли. Тупроқ шароитига қараб 5-6 марта суғорилади. Ҳосилдорлиги гектарига 250-300 центнерга тенг.

Қовун экиладиган майдонлар

Ўзбекистонда 2022 йилда умумий 63 минг гектар майдонга қовун экилган бўлиб, шундан 51,5 минг гектар фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳиссасига тўғри келади (37,4 минг гектар асосий майдон, 1,9 минг гектар боғ-ток қатор ораси ва 12,2 минг гектар такрорий майдон).

Ушбу экилган майдонлардан жорий йилда жами 1,3 млн тонна қовун етиштириш режалаштирилган. Шундан етиштирилган 1 млн тонна қовун фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳиссасига тўғри келади.

Экиш муддатлари

Ўзбекистонда қовун етиштиришда Сирдарё, Жиззах, Хоразм вилоятлари етакчилик қилади. 

Қовуннинг ўз вақтида экилиши юқори ҳосил олишда муҳим омил ҳисобланади. Қовун экини уруғининг униб чиқиши экиш муддатини тўғри белгилашга боғлиқ. 

Ўзбекистоннинг марказий вилоятларида қовуннинг эртаки навлари 15 апрелгача, ўртагиси 20 апрелдан 10 майгача, кечкиси 15 майдан 10 июнгача экилади. 

Жанубий вилоятларда эса, эртаки навлар 10 апрелгача, ўртагиси 10-20 апрелда, кечкилари эса 10-20 июнда экилади. Шимолий вилоятларда эртаки қовунни 20 апрелгача, ўртагисини 25 апрелдан 10 майгача, кечкисини 20-30 майда экиш лозим. 

Қовун уруғи ва кўчатини экиш ишлари қанчалик ўз вақтида ва сифатли амалга оширилса, ҳосил ҳам шунга яраша мўл ва тотли бўлади.

Сўнгги

Статистика рукни бўйича мақолалар

error: Узр: Контент ҳимояланган !!