Обуна бўлинг

Таълим    7:30 / 23.07.2022     218

2022 йилнинг биринчи ярмида ўтказилган педагог кадрлар аттестациясида Жиззах вилояти вакиллари бошқа вилоятларга нисбатан пастроқ натижа кўрсатишган

Якуний натижаларига кўра республика бўйича аттестацияда иштирок этган жами педагоглардан 20 минг 30 нафарига (7 фоиз) нисбатан “Мутахассис лавозимига мувофиқ эмас”лиги тўғрисида қарорлар қабул қилинди.

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Шавкат Хўжақулов маълум қилди.

2022 йилдан бошлаб педагоглар аттестацияси бир йилда икки марта, яъни январь-июнь ва август-декабрь ойлари ўтказилиши йўлга қўйилди. Жорий йилнинг биринчи ярмида ўтказилган аттестацияда иштирок этиш учун жами 294 минг 175 нафар педагоглар мурожаат юборишган.

Шулардан: 78 минг 527 нафари яъни 27 фоизи навбатдаги-мажбурий, 214 минг 985 нафари, яъни 73 фоизи навбатдан ташқари, ўзи ихтиёри билан аттестацияда иштирок этиш учун, 809 (0,3%) нафари эса имтиёзлари мавжудлиги сабаб тўғридан-тўғри тоифа олиш учун мурожаат юборишган.

Педагог кадрлар учун қулайликлар яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида 1 мартдан бошлаб 30 та ўқув фанларидан тест синовлари бўйича онлайн-репетициялар ташкил этилди.

Ўқув фанларидан малака синовлари жорий йилнинг март-май ойларида реал вақт режимида, барча қулайлик, шарт-шароитлар яратилган. Шунингдек, замонавий ахборот коммуникация технологиялари билан таъминланган хоналарда онлайн тарзда ўтказилди. Маданият ва санъат йўналишидаги мутахассислик ва умумкасбий фанлардан эса ижодий имтиҳон шаклида ташкил қилинди. Барча ҳудудларда ўтказилган синовлар imtihon.tdi.uz сайти орқали реал вақт режимида эфирга узатиб борилди.

Якуний натижаларига кўра аттестацияда иштирок этган жами педагогларнинг 16 минг 190 нафари, яъни 6 фоизи олий малака тоифаси, 53 минг 662 нафари яъни 19 фоизи биринчи малака тоифаси, 104 минг 782 нафари яъни 38 фоиз иккинчи малака тоифаси олишга муваффақ бўлишган бўлса, 22 минг 626 нафар 8 фоиз педагогларга мутахассис малака тоифаси бериш тўғрисида, 20 минг 30 нафар 7 фоиз педагогларга нисбатан эса “Мутахассис лавозимига мувофиқ эмас”лиги тўғрисида қарорлар қабул қилинди.

Шунингдек, 61 489 (22,1%) нафар педагоглар ўз ихтиёри билан навбатдан ташқари аттестацияда иштирок этиб, паст натижа қайд этганликлари сабабли уларга нисбатан салбий қарорлар қабул қилинмади, яъни амалдаги тоифаси пасайтирилмади. Аттестация иштирок этган жами педагогларнинг 68 фоизи ижобий натижа қайд этишган.

2022 йилнинг биринчи ярмида ўтказилган педагог кадрлар аттестациясида ижобий натижа қайд этган педагоглар салмоғини ҳудудлар кесимида таҳлил қилганда Хоразм, Навоий ва Наманган вилояти ўқитувчилари юқори натижа қайд этган бўлса, Қашқадарё, Жиззах ва Тошкент вилояти вакиллари бошқа вилоятларга нисбатан пастроқ натижа кўрсатишган.

Таълим инспекциясининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали ўтказилган аноним сўровномада иштирок этган 18 минг нафардан ортиқ педагогнинг 92 фоизи 2022 йилнинг биринчи ярмида ўтказилган педагог кадрлар аттестацияси жараёнларини ижобий баҳолашган.

Жорий йилги аттетация жараёнларида педагогларга яратилган яна бир қулайлик, малака тоифаси олинганлиги ҳақидаги сертификатлар илк маротаба электрон кўринишда ҳар ҳар бир ўқитувчининг шахсий кабинетига юборилди.

“Фурсатдан фойдаланиб, жорий йилнинг 1 август кунидан бошлаб, иккинчи ярим йилликда ўтказиладиган педагог кадрлар аттестациясида иштирок этиш учун ҳужжатлар қабул қилиш бошланишини эслатиб ўтмоқчимиз. Ушбу синовларда иштирок этиш учун педагоглар инспекциянинг pedkadr.tdi.uz сайти ёки my.gov.uz ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат юборишлари мумкин”, – дейди Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Шавкат Хўжақулов.

Сўнгги

Таълим рукни бўйича мақолалар

error: Узр: Контент ҳимояланган !!