Обуна бўлинг

Таълим    7:00 / 20.08.2022     431

Ҳиндистоннинг нуфузли олий таълим академияси Жиззах билан ҳамкорлик қилишга тайёр

Жиззахга Ҳиндистоннинг Sri Siddhartha олий таълим академияси делегацияси ташриф буюрди. Ташриф давомида меҳмонлар келгусидаги ҳамкорлик юзасидан Жиззах вилоятида яратилган шароитлар билан яқиндан танишиш мақсадида таълим ва тиббиёт муассасаларида бўлишди.

Жиззахга Ҳиндистоннинг Sri Siddhartha олий таълим академияси делегацияси ташриф буюрди. Бу ҳақда “Jizzax MTRK” хабар берди.

Sri Siddhartha олий таълим академияси вакилларининг Жиззах вилоятига ташрифи вилоят ҳокимлигидаги учрашув билан бошланди. Таъкидлаш керак, ушбу ҳамкорлик жорий йилнинг 8-10 август кунлари Жиззах вилоят ҳокими бошчилигидаги делегациянинг Ҳиндистонга ташрифи мантиқий давоми саналади.

Учрашувда вилоят ҳокими томонидан Жиззахда яратилган шароитлар, шунингдек, ҳудуднинг табиий, инфрструктуравий ва интеллектуал имкониятлари ҳақида маълумот берилиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда, асосан, Жиззахда таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларини янада ривожлантириш, бунинг учун Ҳиндистоннинг кўп йиллик тажрибасидан Sri Siddhartha университети ҳамкорлигида фойдаланиш истиқболлари кўриб чиқилди. Шунингдек, икки томонлама кадрлар малакасини ошириш дастурлари муҳокама қилинди.

Sri Siddhartha университети Ҳиндистоннинг Карнатака штати, Тумкур шаҳрида жойлашган бўлиб, ўзида Тиббиёт, Стоматология олий таълим коллежлари ва Технология институтини жамлаган.

Делегация вакиллари Жиззах вилоятида таълим ва соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ишлар, ҳудуд имкониятлари билан танишиш мақсадида IT-Park Жиззах филиали, Президент мактаби, Жиззахдаги Sambhram университети, Қозон федерал университети филиали ва Банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатиш мономарказида бўлишди.

Ташрифимиз давомида Жиззахнинг таълим, касбга ўқитиш ва соғлиқни сақлаш тизимида ривожланганлигига гувоҳ бўлдик. Ҳиндистонда Бангалор ривожланган ҳайтек сити ҳисобланади, ўйлайманки, Жиззахда ҳам нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда шундай шаҳарга айланиш потенциали бор.

Киран Бҳартур – Sri Siddhartha олий таълим академияси халқаро алоқалар бўйича ижрочи директори

Жиззах давлат педагогика университетида икки олий таълим муассасаларининг ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Бунда тиббиёт соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича малака алмашиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Sri Siddhartha олий таълим академияси 60 йиллик тарихга эга ва 35 мингдан ортиқ талабалар таҳсил олади. 7 000 нафар докторлар доимий фаолият юритади. Бизнинг университет Карнатака шататида энг олди таълим маскани саналади. Биз Жиззах давлат педегогика университети билан тиббий таълим юзасидан ҳамкорликни йўлга қўймоқчимиз. Замонавий таълим бир жойда эмас, дунё бўйлаб ўқиш зарурлигини кўрсатмоқда. Шу сабаб биз талабаларнинг икки йил Ўзбекситонда, икки йил Ҳиндистонда таълим олиш имкониятларини ҳам кўриб чиқамиз.

Др. Балакришна Шетти – Sri Siddhartha олий таълим академияси вице-президенти

Sri Siddhartha университети вакиллари Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Жиззах филиалида ҳам бўлиб, бу ерда яратилган шароитлар, ўтказилётан жарроҳлик амалиётлари ҳақида маълумотлар олишди. Жарроҳлик амалиётини кузатиб, фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Жиззахда жуда қисқа вақт ичида мана шундай тиббиёт маскани ишга туширилиб, мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилаётганини юқори баҳолайман. Шароитлар яхши. Биз техник ва бошқа жиҳатларда ёрдам бериш, кадрлар малакаларини алмашишга тайёрмиз. Болалар жарролҳлиги ва очиқ юрак амалиётлари бўйича зарурат бўлса, Ҳиндистондан кардиожарроҳларни чақириб, амалиётлар ўтишга ҳам тайёрмиз. Бу узоқ масофа босиб Ҳиндистонга борадиган кишилар муаммоларини ҳал қилишга ёрдам беради.

Др. Тамим Аҳмад – Кардиожарроҳ

Қайд этиш керак, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Жиззах филиалида бугунги кунда юрак-қон томир билан боғлиқ 39 турдаги жарроҳлик амалиётлари ўтказилиши йўлга қўйилган. Келгусидаги ҳамкорлик мураккаб жарроҳлик амалиётлари тури кўпайишига ва фуқароларимизнинг бу каби амалиётлар учун ортиқча пул ҳамда вақт сарфлаб, хорижий давлатларга боришининг олдини олишга хизмат қилади.

Сўнгги

Таълим рукни бўйича мақолалар

error: Узр: Контент ҳимояланган !!