Таълим    15:16 / 16.07.2022     702
Жиззахда таълим муассасаларида 1,9 млрд. сўм миқдоридаги бюджет маблағлари ноқонуний сарфланган – ХТВ
Республикамиздаги таълим муассасаларида ўтказилган 524 та назорат тадбирларида 37,7 млрд. сўмлик молиявий қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган.

Бу ҳақда АОКАда Халқ таълими вазири ўринбосари Темур Комилов, вазирлик Ички аудит хизмати бошлиғи Бурхон Аҳмедов, вазирлик департаменти бошлиғи Илҳом Сирожев иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди:
Халқ таълими вазирлигининг Ички аудит хизмати фаолиятида асосий эътибор тизимда профилактика чора-тадбирларини кучайтиришга қаратилган бўлиб, жорий йил биринчи ярим йиллик давомида ўтказилган тадбирлар натижасида 270,4 млрд. сўмлик молиявий хато ва камчиликлар олди олинишига эришилди.
Шунинг билан бирга, таълим муассасаларида ўтказилган 524 та назорат тадбирларида 37,7 млрд. сўмлик молиявий қонун бузилиш (шундан, 10,4 млрд. сўмлик ўзлаштириш) ҳолатлари аниқланди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси билан биргаликда ўтказилган назорат тадбирида бакалавр ва қайта тайёрлов дипломлари қалбакилаштирилиши ҳисобига Жиззах вилоятида 1,9 млрд. сўм миқдоридаги бюджет маблағлари ноқонуний сарфлангани аниқланган.
