Обуна бўлинг

Таълим    6:10 / 14.06.2022     457

Қозон Федерал университети Жиззах филиали янги ўқув йилидан фаолият бошлайди

Мамлакатимиздаги бошқа таълим муассасалари қабулига халал бермаслик, абитуриентларга қулай бўлиши учун қабул имтиҳонларининг биринчи босқичи июль, 2 босқичи сентябрь ойида бўлиб ўтади.

Россия Федерациясининг Қозон Федерал университети филиали фаолият бошлаши билан Жиззах шаҳридаги олийгоҳлар сони 5 тага етади.

Қозон Федерал университети филиали ижрочи директори Озод Бобомуродовга кўра, филиал Президентимизнинг 2021 йил 28 августдаги “Жиззах шаҳридаги Қозон Федерал университети филиали фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ташкил этилмоқда.

Собиқ олий авиация билим юртининг бир қисми, яъни 4,5 гектар майдони ва ундаги 5 та бино филиал учун ўтказиб берилди. Биноларни капитал таъмирлаш, реконструкция қилиш ва қурилиш ишлари жорий йил май ойидан бошланди.

Биринчи босқичда лойиҳа қиймати 13 миллиард 763 миллион сўмдан ортиқ бўлган ушбу объектда пудратчи – “Fayz Baraka Klassik” МЧЖ томонидан ишлар олиб борилмоқда.

Биринчи босқичда барча қулайликларга эга ўқув биноси, маъмурий бино ҳамда 3 қаватли талабалар ётоқхонасидаги капитал таъмирлаш, реконструкция ва қурилиш ишлари якунланиши режалаштирилган.

Талабалар турар жойининг 1-қаватида Россия Федерациясининг Қозон Федерал университетидан Жиззахга келган ўқитувчи-профессорлар учун 6 та “vib” хона, кутубхона, фаоллар зали, 2- ва 3-қаватида эса талабалар учун 280 ўринли ётоқхона капитал таъмирдан чиқарилмоқда.

Бундан ташқари, 200 ўринли талабалар ошхонаси, спорт зали, ҳудуддаги ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

Филиал иш бошқарувчиси Темур Асадовнинг аниқлик киритишича, илк ўқув йилида 330 нафар талаба қабул қилиш режалаштирилган. Имтиҳонлар ёзма ва оғзаки (билет шаклида) Қозон Федерал университетидан келган ўқитувчи-профессорлар томонидан амалга оширилади.

Қозон Федерал университетининг Жиззах шаҳридаги филиали халқаро стандартларга тўла жавоб берадиган замонавий таълим дастурлари асосида чуқур фундаментал ва илмий-амалий билимга эга юқори малакали кадрларни тайёрлаш, ҳудудий инновацион таълим тармоғини яратиш, рақамли таълим тизимини шакллантириш ҳамда иш берувчиларнинг олий маълумотли мутахассисларга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида ташкил этилмоқда.

Мамлакатимиздаги бошқа таълим муассасалари қабулига халал бермаслик, абитуриентларга қулай бўлиши учун қабул имтиҳонларининг биринчи босқичи июль, 2-босқичи сентябрь ойида бўлиб ўтади. Имтиҳонлар ҳам сабоқлар ҳам рус тилида олиб борилади.

Сўнгги

Таълим рукни бўйича мақолалар

error: Узр: Контент ҳимояланган !!