Обуна бўлинг

Таълим    7:00 / 29.09.2022     262

Зомин туризм коллежида Швейцария таълим тизими асосида янги ўқув дастури жорий этилади

Бу борада ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувлар битими 2022 йил 30 ноябрь–2 декабрь кунлари бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро туризм ярмаркаси доирасида имзоланиши кутилмоқда.

Фото: zominturizm.uz

Ўзбекистоннинг БААдаги элчихонаси ва Дубайдаги Бош консуллиги ходимларининг Facetime Management Service (FMS) компанияси раҳбари, Швейцария бизнес кенгаши аъзоси Надин Патрик Кудин билан учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.

1999 йилдан буён БААда фаолият кўрсатиб келаётган FMS вакили билан Бухоро, Зомин ва Бўстонлиқ туризм коллежларида меҳмонхона бошқаруви, сервис ва бошқа йўналишларда Швейцария таълим тизими асосида янги ўқув дастурларини жорий этиш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон дипломатлари ушбу 3 та таълим муассасаси бўйича батафсил маълумот бериш мақсадида алоҳида тақдимот ўтказди. Надин Патрик Кудин FMS компанияси фаолияти ҳақида тўхталар экан, у Швейцария таълим тизими лицензиясига эга эканини маълум қилди.

Швейцария бизнес кенгаши аъзоси октябрь ойида Ўзбекистонга келиш истагини билдирди. Унинг айтишича, сафар давомида Тошкент, Жиззах ва Бухоро вилоятларидаги таълим муассасалари фаолиятини ўрганиш, шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги мономарказлар фаолияти билан танишиш режалари бор.

Бухоро, Зомин ва Бўстонлиқ туризм коллежлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувлар битимини 2022 йил 30 ноябрь–2 декабрь кунлари бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро туризм ярмаркаси доирасида имзолаши мумкинлиги қайд этилди.

Сўнгги

Таълим рукни бўйича мақолалар

error: Узр: Контент ҳимояланган !!