Обуна бўлинг

Тиббиёт    7:01 / 19.01.2023     138

Жиззах вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Кўп тармоқли тиббиёт маркази мансабдорлари Германиядан келтирилган деб 1994 йилда ишлаб чиқарилган эски асбобларни сотиб олгани аниқланди. Раҳбарият 245 млн сўмни талон-торож қилганликда гумонланмоқда.

Жиззах вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази мансабдор шахслари томонидан тиббиёт ускуналарини харид қилишда талон-торожликка йўл қўйилгани аниқланди, деб хабар бермоқда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги.

Қайд этилишича, агентлик томонидан Жиззах вилоятида ўтказилган ўрганишда вилоят Кўп тармоқли тиббиёт маркази томонидан тиббиёт ускуналари харид қилишда қонунбузилишларга йўл қўйилгани аниқланган.

Хусусан, мазкур тиббиёт маркази 2021 йил 22 декабрдаги шартномага асосан «Э.М.С.» МЧЖдан 245,2 миллион сўмга 2021 йилда Германия давлатида ишлаб чиқарилган «Эскулап» моделидаги жарроҳлик ускуналарини харид қилиши белгиланган.

Товар етказиб берувчи МЧЖ томонидан 2021 йил 28 декабрдаги ҳисобварақ-фактурага кўра, ушбу моделдаги жарроҳлик ускуналари Тиббиёт марказига етказилгани ҳақида ҳужжат расмийлаштирилган.

Бироқ ўрганишлар мобайнида шартномада қайд этилган жарроҳлик ускуналари аслида мавжуд эмаслиги, янги тиббий ускуна ўрнига эски — 1994 йилда Россия давлатида «Волжский Утёс»да ишлаб чиқарилган жарроҳлик ускуналари олиб келингани ҳамда улар яроқсиз ҳолатда экани аниқланган.

Тиббиёт марказининг масъул шифокор ва ходимлари ўз раҳбариятига ушбу тиббий ускуналар SanPiN талабларига жавоб бермаслиги ва бошқа ҳолатлар тўғрисида 2022 йил 19 февралда билдиришнома билан мурожаат қилинган бўлишига қарамай, раҳбарият томонидан ҳолат бўйича ҳеч қандай чора кўрилмаган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан тўпланган материаллар агентлик томонидан қонуний қарор қабул қилиш учун Бош прокуратурага юборилган.

Юқорида қайд этилган ва қўшимча бошқа ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ўтказилиб, натижаси бўйича прокуратура органлари томонидан Жиззах вилояти Кўп тармоқли тиббиёт маркази мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирги кунда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, ушбу жиноятда айбдор деб топилган шахс БҲМнинг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Сўнгги

Тиббиёт рукни бўйича мақолалар

error: Узр: Контент ҳимояланган !!