Обуна бўлинг

Туризм    7:02 / 1.08.2022     361

Бахмал туманида муҳофаза этиладиган ҳудудлар ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган 20 нафар фуқаро жавобгарликка тортилган

Зомин табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси томонидан Бахмал давлат ўрмон хўжалигида ташкил этилган назорат тадбирида қонун бузилиш ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш чоралари кўрилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жиззах вилоятида  табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчилик ижросини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига асосан Зомин ва Бахмал туманларида табиатни муҳофаза қилиш бўйича ихтисослаштирилган прокуратура ташкил этилган.

Мазкур тизим ходимлари томонидан Бахмал туманининг экологик ҳолатини яхшилаш ва ҳудуд табиий муҳитини муҳозафа қилиш мақсадида  назорат тадбири ташкил этилди. Бу ҳақда “Jizzax MTRK” хабар қилмоқда.

Табиий атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, ўрмон ва сув фонди ерларидан оқилона фойдаланиш, табиатни муҳофаза қилиш ҳар биримизнинг нафақат конституциявий мажбуриятимиз, аввало, инсоний бурчимиз ҳамдир. “Шундай бўлишига қарамасдан ҳамюртларимиз томонидан табиатни, ер ости бойликларини, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишга қаратилган қонунчилик хужжатларига риоя этмаслик ҳолатлари учраб турибди”, – дейилади хабарда.

Маълумот ўрнида келтириш жоиз, Бахмал давлат ўрмон хўжалиги майдони 67 921 гектарни ташкил этади.

Зомин табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси томонидан мазкур ҳудудда ташкил этилган назорат тадбирида қонун бузилиш ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш чоралари кўрилди.

Хусусан, Бахмал давлат ўрмон хўжалиги ҳудудидаги “Ўрмончилик” экотуризм қишлоғида муҳофаза этиладиган ҳудудлар ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган, ноқонуний қурилмалар қурган, ўсимлик дунёсига зарар етказган, белгиланмаган жойларга чиқиндилар ташлаётган фуқароларга маъмурий баённомалар тузилди.

Зомин табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси прокурори ёрдамчиси Сухроб Даврановнинг сўзларига кўра, биргина Бахмал тумани ҳудудида муҳофаза этиладиган ҳудудлар ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаб, уларда ноқонуний қурилмалар қурган 20 нафар фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилиши натижасида улардан 10 нафари бу қурилмаларни ўз ҳисобидан бузиши таъминланган.

Қолган 10 нафар фуқаро бу қурилмаларни ўз ҳисобидан бартараф этиши бўйича эса судларга даъво аризалари киритилган.

Шунингдек, 1 та ҳолатда Бахмал тумани ҳокимияти собиқ кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича комиссияси мансабдор шахслари томонидан ўрмон фонди ер майдонларини қонун ҳужжати талабларига зид равишда фуқароларга якка тартибда уй-жойлар қуриш учун ажртиб берганлик ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шу билан бирга ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш, айниқса, доривор ўсимлик турларини кўпайтириш, уларнинг ноёб турларига фуқаролар томонидан зарар етказилишининг олдини олиш борасида ҳам ўрганишлар олиб борилиб, бу борада мутасадди идоралар томонидан назорат сусайтириб юборилганлиги ҳолати бўйича тегишли прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилган.

Назорат тадбири давомида тадбиркорлик субъекти томонидан ўзбошимчалик билан қонун хужжатлари талабларига зид равишда ер қаъридан норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиниши натижасида давлат ва жамоат манфаатларига зарар етказаётганлик ҳолати аниқланди. Ҳолат юзасидан ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.                    

Сўнгги

Туризм рукни бўйича мақолалар

error: Узр: Контент ҳимояланган !!