Обуна бўлинг

Туризм    15:24 / 14.06.2022     425

Фориш туманидаги зиёратгоҳ 500 миллион сўмдан зиёд маблағ эвазига таъмирланди

Мазкур муқаддас қадамжони таъмирлашга маҳалла аҳолиси, саховатпеша инсонлар, тадбиркорлар ўз хайрия маблағлари билан ҳисса қўшдилар.

Фориш тумандаги Дўстлик маҳалласи Андаген қишлоғида “Ҳазрати Эшон Халифа” зиёратгоҳи таъмирланиб, зиёрат туризм ихлосмандларини қабул қила бошлади.

Фориш тумани ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, таъмирлаш ишларига 500 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Мазкур муқаддас қадамжони таъмирлашга маҳалла аҳолиси, саховатпеша инсонлар, тадбиркорлар ўз хайрия маблағлари билан ҳисса қўшдилар.

“Ҳазрати Эшон Халифа” зиёратгоҳини таъмирланишида Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати, “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абулхай Абулхаев, Жиззах давлат педагогика институти профессори Андаген қишлоғида туғилиб, вояга етган Қўчқор Ҳакимов бош бўлди.

“Ҳазрати Эшон Халифа” зиёратгоҳи республика маданий мерос объектлари рўйхатига киритилди.

Ҳазрати Эшон халифанинг асл исмлари Жалолиддин ибн Абдукарим бўлган. Ҳазрати Эшон халифанинг кўрсатган кароматлари ва ҳаётбахш ҳикматларининг довруғи Нурато тоғ этакларидан то Истаравшану Панжакент ва Самарқанду Бухорогача етиб борган. Қалби ислом нури билан ёритилган пири комил, барчани юксак ахлоқий фазилатларга даъват қилганлар ва бу ишда шахсан ўзлари намуна бўлганлар.

Домла Жалолиддин “илми қол”да (шариат илми) мукаммал олим бўлиш билан бирга, тасаввуф таълимотининг билимдони, йирик нақшбандия шайхи, ва “илми ҳол”ни (валийлик илми) ҳам мукаммал ўзлаштирган авлиё сифатида эътироф этилган.

Ҳазрати Эшон халифа номи билан машҳур бўлган зоти шариф, комил инсон сифатида доимо суннатга амал қилиб, авлиёлар султони, нақшбандия тариқати асосчиси ва раҳнамоси Ҳазрат Баҳоваддин Нақшбанд йўлини муносиб давом эттирганлар. У киши том маънода, нақшбандия таълимотини илм, амал ва ихлос билан ўрганиб, бутун умри давомида унинг тарғиботи билан шуғулланиб, икки дунё саодатига эришган авлиёдирлар.

Зиёратгоҳнинг очилиши муносабати билан тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда қўшни Қозоғистон Республикасидан, Бухоро, Тошкент, Самарқанд, Навоий вилоятларидан, вилоятимизнинг барча туманларидан меҳмонлар иштирок этишди.

Тадбирда Қозоғистон Республикаси тожик миллий-маданий маркази раҳбари Йўлдош Султонов, меҳнат қаҳрамони Туркман ҳожи Кенжаев, Тошкент вилоят тожик миллий-маданий марказ раҳбари Саврон Мирзаев, Жиззах вилоят тожик миллий-маданий маркази раҳбари Абдукарим Шарипов, Фориш туман “Нуроний”лар жамоатчилик кенгаши раиси Холмат Маматов, Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати, “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абулхай Абулхаев Жиззах давлат педагогика институти профессори Қўчқор Ҳакимовлар сўзга чиқишди.

Зиёратгоҳнинг таъмирланиб, ишга туширилиши муносабати билан эҳсон дастурхони ёзилиб, Қуръон тиловат қилинди. Кексаларимиз юртга тинчлик, элга фаровонлик тилаб дуога қўл очдилар.

Зиёратгоҳда шарқираб оқиб турган зилол булоқ, бир неча асрлик воқеаларга гувоҳ бўлиб турган 2 туп тут дарахти бу ерга ташриф буюрувчиларнинг ҳайратини оширади.

Сўнгги

Туризм рукни бўйича мақолалар

error: Узр: Контент ҳимояланган !!