Обуна бўлинг

Туризм    8:20 / 22.07.2022     620

Қуриётган Айдаркўл – Ўзбекистонда Орол қисмати такрорланиши мумкин 

Видео: Kun.uz

Ўзбекистон яқин келажакда катта экологик муаммога дуч келиши хавфи бор. Бу Айдар-Арнасой кўллар тизими билан боғлиқ. Бу ҳақда Kun.uz ёзмоқда. Кўл атрофида яшовчи аҳоли сўнгги йилларда унинг суви кескин камаяётгани ва соҳил километрларга чекинганини айтмоқда. Олдинлари сув бўлган ҳудудлар бугун оппоқ тузли майдонга айланган.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Айдаркўл Ўзбекистонда Орол денгизидан кейин иккинчи ўринда турувчи шўр кўл ҳисобланади. Навоий ва Жиззах вилоятлари ҳудудида шарқдан ғарбга томон 250 километрга, эни эса шимолдан жанубга 25-30 километрга чўзилиб кетган Айдаркўл 1969-1970 йилларда пайдо бўлган. Бунгача унинг ўрни қуруқ ер, яйлов эди. 1969 йилда Қозоғистоннинг “Чордара” сув омборида сув кўпайиб, тўғонларни бузиш хавфи туғилади. Тўғон ўпирилишининг олдини олиш мақсадида очилган сув Арнасой пасттекислигига оқиб, Айдаркўл ҳосил бўлади.

Фото: Kun.uz

Нурота туманининг Қизилча қишлоғида яшовчи нафақадаги ўқитувчи Нишон бобо Жонибеков Айдаркўлнинг пайдо бўлишини шундай эслайди:

“Авваллари бу ерда Айдаркўл йўқ эди. 1969 йилда жуда қаттиқ қиш бўлди. Шунчалик қалин қор ёғдики, техникалар юролмай қолди. Отарларни кўчиришда ҳарбий техникалар, танклардан фойдаланилди. Март ойларидан қор эришни бошлади ва ҳамма жойни сув босди. Чордара сув омборида ҳам сувнинг маълум қисми қўйиб юборилди. Қанча мол бўлган, қанча отарлар бўлган, ҳаммасини кўчиришди. Кўп нарсалар, чорвачилик фермалари сувнинг тагида қолиб кетди, одамлар зўрға қочиб қутулди. Лекин ҳозир кўлнинг суви камайяпти. Сув тортилган жойлар оппоқ туз бўлиб қолди”.

Фото: Kun.uz

Улкан сув ҳавзасининг пайдо бўлиши асосан чўл зонаси бўлган Арнасой ботиғининг наботот ва ҳайвонот оламини ҳам ўзгартириб юборган. Афсуски, бугун кўл сув сатҳининг йил сайин пасайиши оқибатида буларнинг барчаси ҳалокатга юз тутиб, катта экологик муаммога айланиш хавфи бор. 

2021 йил 16 декабрда Айдар-Арнасой кўллар тизимида юзага келаётган муаммоларнинг экология ва аҳоли саломатлигига таъсири юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборилганди.

Парламент сўровида маълум қилинишича, кўллар тизимининг сув ҳажми 1994-2000 йилларда 44 млрд метр куб бўлиб, ҳудуднинг умумий майдони 350 минг гектарга, узунлиги 250 километрга етган бўлса, «Чордара» сув омборидан 2013-2021 йилларда кўллар тизимига сув ташланмагани боис сув ҳажми қарийб 34 млрд метр кубга тушиб қолган. Кўллар тизимида йиллик сувларнинг парланиши 10 фоизни ташкил этмоқда. Сув сатҳининг пасайиши ва сув таркиби шўрланиши натижасида айрим қирғоқ бўйлари 15-50 метрга ортга чекиниб, 15-20 сантиметргача туз қатлами ҳосил бўлган.  

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Айдаркўл муаммоси ҳақида “Жонли табиат” жамоат бирлашмаси раҳбари Эшмамат Тоғаев шундай дейди:

“Ҳозирги вақтга келиб, Айдар-Арнасой кўллар тизимининг умумий сатҳи 4 метрга пасайди. Бу кўлнинг ер майдони ҳам анча қисқариб кетди дегани. Агар бу ҳолатнинг олдини олмасак, Оролдаги каби экологик ҳолатни бу ерда ҳам кузатишимиз мумкин бўлиб қолади. Чунки йил сайин Айдаркўлга сувнинг тушиши камайиб, қирғоқ чекиниб бормоқда. Бунинг оқибатида қирғоқ бўйларида тузли қатламлар пайдо бўляпти. Ягона нажот – Чордара сув омборидан сув ташлаб турилсагина Айдаркўлни ҳозирги ҳолатда сақлаб қолишимиз мумкин”.

Фото: Kun.uz

Айдаркўл “Чордара” сув омбори, маҳаллий коллекторларнинг оқова сувлари ва Сирдарё ўзанидан тўйинади. Сўнгги йилларда “Чордара” сув омбори ва Сирдарёдан кўлга сув ташланмаган. Бунинг оқибатида кўлнинг сув сатҳи камайиши билан биргаликда сувининг шўрланиш даражаси ҳам ортиб бормоқда. НДПИ мустақил тадқиқотчиси Шаҳоб Сулаймоновнинг таъкидлашича, сувнинг шўрланиши ошгани сабаб сўнгги 3-4 йилда кўлда яшовчи балиқ турлари 21 тадан 16 тага камайган.

“Чордара сув омборидан сув қуйилмаётгани учун Айдаркўлнинг шўрланиш даражаси ҳам ортиб боряпти. Бу балиқларнинг кўпаювчанлигига, ривожланишига салбий таъсир қилмоқда. Ҳайвонот оламида турларни ўзаро озуқавий занжир боғлаб туради. Кўлда балиқларнинг камайиши қушларга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Яқин йилларгача Айдаркўлда 7 та оилага мансуб 21 турдаги балиқлар яшаган. Сўнгги 3-4 йилда улардан сувнинг шўрланиши оқибатида уларнинг 5 тури йўқолиб кетган”, — дейди мустақил тадқиқотчи Шаҳоб Сулаймонов.

Фото: Kun.uz

Айдаркўлда экологик муаммонинг юзага келишида инсон омили ҳам йўқ эмас: ёз ойларида республиканинг кўплаб ҳудудлардан кўл соҳилига келиб, дам олиб кетувчилар кўп. Гарчи сув камайишига алоқадор бўлмаса ҳам уларнинг “ҳиссаси” туфайли кўлнинг атрофи чиқиндихонага айланиб бормоқда.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

“Айдаркўл бўйида қарийб 30 йилдан буён яшайман. Олдинлари бу ерларда қамишзорлар бўларди, яйлов жуда яхши эди. Йиллар ўтган сайин сувнинг камайиши ва атроф шўрланиши оқибатида яйлов қисқариб боряпти. Бундан ташқари, ёз ойларида шаҳар ва қишлоқлардан кўплаб аҳоли кўл бўйига дам олишга келади. Уларнинг табиатга нисбатан эътиборсизлиги туфайли Айдаркўл атрофи чиқиндихонага айланиб боряпти”, — дея таъкидлайди нафақадаги ўқитувчи Қаршибек Ҳусенов.

Фото: Kun.uz

Муаммо бор: агар ўз вақтида олди олинмаса, яқин келажакда у йирик экологик таназзулни келтириб чиқариши мумкин. Тўғри, Дўстлик ва Жанубий Мирзачўл каналлари орқали Айдаркўлни тўйинтириш лойиҳаси амалга ошириляпти. Бироқ кузатувлар бу етарли эмаслигини кўрсатмоқда. Ҳукумат Ўзбекистонда Орол қисмати қайта такрорланмаслиги учун Айдаркўлни қутқариб қолишга жиддийроқ киришиши зарур.

Руслан Сабуров,
Kun.uz мухбири.
Монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев.   

Сўнгги

Туризм рукни бўйича мақолалар

error: Узр: Контент ҳимояланган !!