Обуна бўлинг

Туризм    12:42 / 28.07.2022     454

Зоминда ўрмон ёнғинларининг олди олинмоқда

Жиззах вилояти ФВБ ўрмон ёнғинларини бартараф этишга ихтисослаштирилган ёнғин-қутқарув отряди ходимлари томонидан Зомин миллий табиат боғида мутасадди ташкилотлар ходимлари билан ҳамкорликда бир қатор профилактик тадбирлар ташкил этилди.

Фото: Жиззах вилояти ФВБ ахборот хизмати

Айни кунларда бутун дунёда кузатилаётган аномал иссиқ об-ҳаво кўплаб давлатларда кучли ўрмон ёнғинларига сабаб бўлаётганлигининг гувоҳи бўляпмиз. Юртимизда кузатилаётган иссиқ об-ҳаво ҳам ўрмон ва миллий табиат боғларида ёнғин хавфини оширади.

Чунки, иссиқ ҳароратда дарахт ва ўт-ўланлар тезроқ қурий бошлайди ва кичик учқун таъсирида аланга олиши ва катта майдонларга тарқалиши ҳеч гап эмас.

Жиззах вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига асосан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ ва Жиззах вилоятининг Зомин туманларида Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ўрмон ёнғинларини бартараф этишга ихтисослашган отрядларининг ташкил этилиши бугун кун тартибига чиқаётган долзарб масалаларни ечишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Фото: Жиззах вилояти ФВБ ахборот хизмати

Хусусан, Жиззах вилояти ФВБ ўрмон ёнғинларини бартараф этишга ихтисослаштирилган ёнғин-қутқарув отряди ходимлари томонидан Зомин миллий табиат боғида мутасадди ташкилотлар ходимлари билан ҳамкорликда бир қатор профилактик тадбирлар ташкил этилди.

Зомин миллий табиат боғи 24 минг гектардан ортиқ майдонни қамраб олган, минглаб мевали ва манзарали дарахтлар, 700 турга яқин ўсимлик, 102 турдаги қушлар ва 30 турдаги ҳайвонларни ўз бағрига олган табиий ўрмон ҳисобланади.

Айни кунларда бу ерга ташриф буюрувчи меҳмонлар сони ошган. Шунингдек, боғ ҳудудида ўнлаб дам олиш оромгоҳлари, меҳмонхоналар, кемпинг ва бошқа кўнгилочар масканлар, спорт-соғломлаштириш мажмуалари фаолият юритмоқда.

Соҳа ходимлари томонидан боғ ҳудудига кираётган ҳар бир транспорт воситаси эгаларига хавфсизлик қоидалари акс этган эслатма ва буклетлар тарқатилди. Ўрмон ҳудудида чекиш, олов ёқиш, чўмилиш ва чиқинди ташлаш мумкин эмаслиги ҳақида огоҳлантирувчи белгилар кўзга кўринадиган жойларга ўрнатилди.

Фото: Жиззах вилояти ФВБ ахборот хизмати

Шунингдек, хизмат кўрсатиш объектларининг ёнғинга қарши ҳолати ўрганилиб, камчиликларга йўл қўймаслик чоралари кўрилди.

Тадбиркорлар ва дам олувчи фуқаролар билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, хавфсизлик коидалари тушунтирилди. Очиқ оловдан фойдаланиладиган ошхона ва бошқа овқатланиш жойларида хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Носоз, ностандарт газ баллонлари ва электр печларидан фойдаланиш тақиқланди.

Бу каби чора-тадбирлар миллий табиат боғи ва унга ташриф буюрувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг табиатга салбий таъсир кўрсатмаслик, ундан тўғри фойдаланиш маданиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Сўнгги

Туризм рукни бўйича мақолалар

error: Узр: Контент ҳимояланган !!